
- Саратон бўлиши эҳтимоли бор. Аниғини билиш учун шаҳарга МРТга бориб текширтириб келишингиз керак. УЗИ таҳлилига кўра ўт пуфакнинг остида ўсимта борга ўхшаяпти, - деди оқ халатли, қирра бурун шифокор менга синовчан тикилиб. Шу онда ичимдан нимадир узилгандек бўлди.
- Саратон - бу ўлишинг аниқ деганими? – бўшашганча сўрайман ундан.
- Ундай бўлмаслиги ҳам мумкин, - дея дўхтир менинг ҳолатимни кўриб тинчлантиришга уринди.
- МРТга қачон боришим керак ?
- Қанча тез бўлса шунча яхши. Аниқ жавобни тез биламиз.
Шифохона ҳовлисига чиқиб, четдаги ўриндиққа ўтирарканман, шифокорнинг гапи хаёлимдан кетмасди. Ўзимни худди бошқа дунёдагидек ҳис қила бошлагандим. Тўрвасини йўқотган гадойдек гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга аланглайман. Ҳаво етишмаётгандек чуқур-чуқур нафас оламан. Ҳали қирққа ҳам кирмай бу дунёдан ўтсам-а... Шифохона биносига шошиб кириб чиқаётган одамларга қарайман. Ҳамманинг ўзига яраша дарди, касали бор. Ҳар кимнинг ўз ташвиши, юмуши етарли. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ. Осмонга қадар бўй чўзган кўҳна чинорларга кўз ташлайман. Кузнинг келиши уларни ранжитиши аниқ. Уч -тўрт ой бағрига босиб турган япроқларидан айрилишмоқда. Шунинг учунми бироз ҳазин ва мунглидек кўринишади гўё. Аммо баҳор келиши билан табиат уларга яна янги япроқ улашади. Япроқлар бу дарахтларга яна кўрк бағишлайди. Менчи, менга ўхшаганларчи... табиат бизга қайтадан умр бахш этмайди-ку... юрагим сиқилиб аста ўрнимдан туриб уй томон йўл олдим. Миямда бир сўз тинимсиз айланарди “Саратон...” ҳарқалай бу касалликнинг қандайлигини яхши билардим. Қариндошларимдан бирови бу дард билан оғримаган бўлсада, кунда-кунора телевизорда кўрсатишаётган филмлардан, воқеалардан бу дарднинг бедаволиги аниқ эди. Наҳот менга ҳам шу бедаво дард ёпишган бўлса... нега нима учун? Ахир болаларим бор-ку... Э, нодон аёл, дард, ажал бунинг боласи бор, бу қари, у ёш деб ўтирармиди... Кўнглимнниг бир четида нур милтиллагандек бўлади, балки ундаймасдир. Ҳали аниқ эмас, дедику. Балки МРТ текширувидан соғ чиқарман... хуллас, қарама-қарши хаёллар исканжасида уйимга етиб келганимни ҳам пайқамай қолибман. Ланг очиқ турган дарвозадан ҳозиргина машина чиқиб кетганини тушундим. Демак, Баҳром акам уйга келиб кетибди-да. Ҳовли этагидаги чала битган иморатга қарадим. Атайин баланд қилиб қурилаётган эди бу уй. “Ҳа онаси, ҳали келин туширсанг шу уйнинг айвонида етти қават кўрпача устида савлат тўкиб ўтирасан”, деб ҳазиллашиб қўярди эрим. Наҳот ўшандай кунларга етиб боролмасам. Савлат тўкиб ўтириш тугул, бу иморатнинг битишини ҳам кўролмасамчи. Ҳатто бу уйнинг остонасида ўтиришни ҳам худо кўп кўриб турибди-ку...
Остонада хаёл суриб туриб қолибман.
- Дилноза келдизми? - деган овоздан ўзимга келдим. Қайнотам менга қараб турарди. Кўзларимдан оқаётган ёшларни кўрсатмаслик учун шоша-пиша артишга уриндим.
- Ҳа келдим, дада. Яхши ўтирибсизларми? – гап оҳангимдаги йиғини сезди чоғи қайнотам менга синовчан тикилди.
- Тинчликми, келин?
- Ҳа, тинчлик, - дея шошиб уйга кирдим. Наҳот шулардек қарилик гаштини суриш, болаларимнинг тўйини кўриш насиб этмаса. Эрим билан қўша қариш пешонамга ёзилмаганми, дейман. Бир сонияга бўлсинда, дўхтирнинг гапини хаёлимдан чиқаролмасдим. Худдики, икки уч кунлик умрим қолгандек туюларди менга. Кийимларимни алмаштирарканман, ҳовлидан яна қайнотамнинг овози эшитилди.
- Ҳов онаси, келинга қарачи. Негадир кўчадан йиғлаб кирди.
- Ҳозир, - деганча уйим остонасида қайнонам кўринди.
- Дилноза, қизим, нима бўлди? Тинчликми, тузук эканмисиз? – уларга дўхтирнинг ташхисини қандай айтаман. Ҳали маълум бўлмаса... яхшиси индамай турақолай, деб ўйладим ўзимча. Жилмайишга уриндим.
- Ҳа, ойи яхши эканман. Тошкентга ёзиб беришди. Бориб текширтириб келишим керак.
- Нега? Шу қадар жиддиймикан? – қайнонамнинг овозида хавотир сезилди.
- Йўқ, бу ерда ундай текширадиган аппарат йўқ экан. Шунинг учун...
- Майли болам, боринг, текширтиринг. Ўзингизни кўрсатинг, даволанинг. Овқат тайёр эди. Чиқиб сузсангиз бўларкан. Дадангизнинг қорни очган чоғи мен билан тинмай урушяпти, - деганча ҳовлига чиқди қайнонам. Ойимнинг ортидан эргашарканман кулгим келди. Қайнота- қайнонам бир-бирини жуда яхши кўришади. Бир- бирини кўришмаса туролмайди. Аммо салга урушиб қолишади. Уларнинг бу жанжали ҳам жиддий эмас, эркаликдек назаримда. “Эҳ, қизим менинг эркалигимни кўтарадиган шу дадангиз бўлади. Ота-онам ўлиб кетган бўлса, болалар ўз боласидан ортмаса. Мен шу чолга суяниб эркалик қиламанда”, дейди қайнонам. Ошхонага ўтиб, овқат суза бошладим. Таомни дастурхонга тортишим билан тўпалончиларим кириб келишди.
- Ассалому алайкум, - деб кириб келаётган болаларимни кўриб яна дўхтирнинг гапи ёдимга тушди. Уларни худди йўқотиб қўядигандек бағримга босиб сўрашдим. Ҳасан-Ҳусанни юзидан ўпганимни кўриб, қайнота қайнонам бир-бирларига қараб қўйишди. Дилдорани бағримга босганча бир муддат туриб қолдим. Ғаниматдек туюлишди улар менга...
- Ойи, бугун бошқачамисиз, - деб ҳайратланди Ҳасан. Индамадим.
- Дарров кийимларингни алмаштириб овқатга келинглар, - деди қайнонам болаларга.
-Ойи, мени яна ўпинг, -дейди Дилдора эркаланиб. Ҳаммасидан кичиги, шумтакаси шу. Акаларини ҳам додини беради. Оҳ болам-а ҳали норасида бўлсанг, сени кимларнинг қўлига ташлаб кетаман. Наҳот катта бўлганингни тўйингни кўролмасам, бўғзим ачишиб томоғимга бир нарса тиқилди. Кўзимдаги ёшни кўрсатмаслик учун аста ўрнимдан турдим.
Шомга яқин умр йўлдошим кириб келди.
- Ҳа, ўтирибсилами? - деди ота-онаси билан сўрашаркан. Алам қилди. Кеча туни билан биқинимни ушлаб оғриб чиққанимни билганди. Бу кишининг эса парвойи палак. Дўхтирга кўринишимни айтгандим. Бир оғиз сўрамайдиям. Майли ҳали менсиз ҳам яшарсиз. Кўраман нима қиларкансиз. Мен ўлсам унга нима? Эркак киши дарров янгисини топиб олаверадида. Биттаси холамни эрими? Ўлганига олти ой ҳам бўлмай бошқасига уйланди. Болалар ҳам кўникди. Эҳ... Қовоғимни уйиб олганимни ўзича тушунган эрим,
- Нима бўлди? - деб сўради. Индамадим. Кўзимдаги ёшни кўрсатмаслик учун ошхонага кириб кетдим.
- Болам келиннинг касали жиддий шекилли, Тошкентга ёзиб беришибди. Боя кўчадан йиғлаб келди. Эртага шаҳарга обориб ке, - деди қайнонам.
- Нима бўпти, яна? - деди эрим тўнғиллаб. - Бунизи касал бўлмаган куни йўғ-а... – Эримнинг гапини эшитиб чидолмадим. Шу гап сабр косасига томган охирги томчи бўлди. Ота-онасининг ўтирганига ҳам қарамай гапириб юбордим.
- Қачон касал бўлдим? Шу пайтгача бирор марта “иҳ” деган овозимни эшитмадиз-ку. - Дув этиб тўкилган кўз ёш юзимни ювди.
- Қанақа дўхтирга бориш керак экан? - Яна сўради.
- МРТга.
- Ўх-у, уни анча қиммат деб эшитганман. Кейин одамлар унга навбатда туриб текширтиришади, - деди эрим азбаройи жаҳли чиққанини сездириб.
- Майли боринглар, текширтиринглар, - деди қайнонам.
- Навбат кечаси келса-чи? - сўради эрим. Унинг боргиси келмаётганини пайқаш қийин эмасди.
- Ҳеч нарса қилмайди, - деди қайнотам. - Аммангникида қоласизлар. Кечасими, эрталабми, тушиб текширтириб келасизлар. Вассалом!
- Лекин эртага ишим кўп эди-да, - деди эрим норозиланиб. “Вой товба, ў инсон мени ўладиган касал, деди” деган гап оғзимдан чиқиб кетмаслиги учун шарт ўгирилиб уйга кириб кетдим. Оғзимни тўсганча йитғлай бошладим: “Эй, худо нега?”. Ё касал одам ўта худбин ва ҳурматталаб бўлиб қоладими... шу пайтгача эримнинг бундай оҳангдаги гап сўзларига парво қилмасдим. Бироқ эндигиси билинди. “Ўзингдан ўзгага муҳтож қилма Худойим”.
- Дилноз, қанақа касал экансан? - Сўради эрим ёлғиз қолганимизда.
- Саратон, - дедим бир нуқтадан кўз узмай.
- Нима?!
- Шунақа. Ўша МРТ аниқлаб бераркан. УЗИ аниқ кўрсатолмабди. Дўхтир “Ўт пуфакдан пастда ўсимта борга ўхшаяпти”, деди.
- Йўғ-э, бўлиши мумкин эмас, - деганча эрим аста мени бағрига босди. - Албатта текширтирамиз. Мана кўрасан, соппа соғ чиқасан. Ҳали ишимиз кўп. Бирга тўйлар қиламиз, яна уйлар қурамиз. Мен сенга етти қават кўрпачада савлат тўкиб ўтирасан деганманку.. – эримнинг юпанч оҳангда гапириши кўнглимни баттар эзиб юборди.
Тонг отмаёқ Баҳром акам билан Тошкентга жўнадик. Дўхтир берган манзилга борсак, навбат кўп экан. Навбатимиз эрталабки бешда келаркан.
- Энди нима қиламиз, - деди эрим менинг тушкун қиёфамга боқаркан. -Майли шу баҳона шаҳарга келибмиз. Бир шаҳар айлантираман сени, - деди. Хаёлимда умримнинг сўнгги онларини гўзал тарзда кечиришим учун Худойим имкон бераётгандек туюларди. Негадир бирозгина зиқнароқ эрим ҳам менга меҳрибончилик қиларди. Охирги марта шаҳарга унаштирилган кунимизда келгандик. Ўша куни Баҳром акам менга бир дунё ваъдаларни берганди. Шунга ҳам ўн беш йил бўлибди. “Аввал тамадди қилиб олайлик”, деганча эрим мени кичироқ ресторанга олиб кирди. Ресторан деразасидан шаҳар кўчалари кўриниб турарди. Жуда гўзал манзара...
- Эсингиздами, ўн беш йил аввал шу шаҳарда менга бир олам ваъдаларни бергандингиз, - дедим жилмайиб.
- Ҳа, аммо ҳамма ваъданинг ҳам бажарилиши шарт эмас, - деди эрим ҳам кулимсираб. – Дилноза, мен сени ҳамиша яхши кўриб, қадрлаб келганман. Фақат феъл -атворимни биласанку...
- Биламан, салгина зиқнароқсиз-да, - дедим кўзимни кисиб.
- Нега энди? “Мулла ашир топганини уйга ташир”манку. Бир эмас, иккита ўғилга уй қуриш керак. Ҳозирдан тайёргарлик қилиб қўймасак бўлмайди-да... аммо ҳамиша сени хафа қилмасликка ҳаракат қилганман.
- Нима, мени “ўладиган касал экан, рози бўп кетсин”, деб шу гапларни айтяпсизми?
- Йўғ-э, жиннимисан? Мана кўрдингми аёл зотига ичингдагини гапириб бўлмайди-да... – деди эрим тутақиб. Сўнг яна майинлик билан сўради: - Нима ейсан айт?
Ўша куни Баҳром акам кўнглим тусаган нарсани оберди, едирди, айлантирди. Сиртимда хурсандману, аммо ичим тўкилиб бораётгандек эди гўё... буларнинг ҳаммаси бир кўпикдек, эртага шу кўпик йўқолса мен ҳам йўқ бўладигандек туюларди. Юзимда табассум бўлгани билан қалбим йиғларди. Кўнглимни олишга интилаётган эримни ёлғиз ташлаб кетишим мумкинлигини ўйлаб сиқилардим.
Қуёш ботишига яқин эримнинг аммасиникига кириб бордик. Болалари топармон-тутармон бўлгани боис икки қаватли кошоналарда яшашарди. Ҳар гал уларникига меҳмонга келсам ўзимни эртаклардаги қасрга тушиб қолгандек ҳис қилардим. Мен ҳам шундай уйларда яшашни орзулардим. Энди эса соғлиқ ва узоқ умрдан бошқа орзуим йўқ. Инсон ўзгаларга ҳавас қиларкану, аммо ўзидаги бебаҳо бойлиги соғлиғи эканлигини унутиб қўяркан. Бир донишманд ҳақ гапни айтган экан: “Соғмисан, демак энг катта бой сенсан!”
- Келинг болам, - дея сўрашди аммажон. Бу аёл жуда ширинсухан, очиқкўнгил эди. Шу сабабми, қайнотам ҳам шу синглиси айрича меҳр билан суяди. – Акам, келинойим, болалар, яхшими. Акам телефон қилиб, сизларнинг келишингизни айтгандилар. Келиб яхши қилибсиз. Дилнозахон, кўп ўйламанг, сиқилманг, ҳаммаси яхши бўлади.
- Худо хоҳласа, - дедим секингина. Уларни ҳам безовта қилганимдан хижолатда эдим. Аммажоннинг чаққонгина келинлари бир зумда дастурхон тузаб, овқатни ҳам олиб келишди. “Барча шароитлари бор шу уйда ҳам ташвиш бормикан-а” , деб ўйладим ўзимча. Худди кўнглимдагини сезгандек аммажон бир ривоят айтиб берди:
- Қадим замонда бир камбағал одам яшаган экан. Унинг болалари кўп бўлиб, боқишга қийналаркан. Бир куни камбағал ўша юрт подшосининг олдига бормоқчи бўлибди. Саройга бориб, шоҳнинг яшашига ҳавас қилибди. Уни подшонинг ҳузурига олиб киришибди.
- Нимада дардинг бор? - деб сўрабди подшо ундан.
- Шоҳим, мен бир фақир қулингизман. Болаларим кўп. Уларни боқишга қийналаман. Сиздан бир нарсани сўрамоқчийдим. Ҳашаматли кошоналарда яшайсиз, ҳамма нарсангиз бисёр. Сизда ташвиш, дард бўлмаса керак а? – дебди у. Бечора одамнинг гапини эшитган шоҳ чуқур уҳ тортибди. Сўнг тахтини секин сурибди. Тахт ортида турган эшикни очиб, “Мана қарагин”, дебди. Камбағал бориб қараса, бахмал кўрпалар устида бир ногирон бола ғужанак бўлиб ётганмиш. Ҳайратланиб подшоҳга қарабди.
- Сен подшоҳда ғам йўқ деб ўйлайсанми? Мана худо менга давлат, шавкат ва тахт берди-ю, аммо биттагина болам ногирон бўлиб туғилди. Уни ҳеч ким, айниқса душманларим кўрмасин деб, тахтимнинг орқасида сақлайман. Сенинг болаларинг кўп экан. Бироқ касал эмас, соғку... сен шунисига шукр қилгин, - деб жавоб қилибди подшо. Шу сабаб, инсон ўзида борига шукр билан яшаши керак, қизим, - деб гапини якунлади аммажон. Тонггача кўзимга уйқу инмади. Чиндан ҳам бандаси ўзига берилганини англамагунча қадрига етмас экан.
Тонгги тўрт яримда аммажон билан хайрлашиб тиббий марказга келдик. Қандайдир катта аппаратнинг ичига бўй баробар солишди.
- Қўрқманг, фақат яхши нарсаларни ўйланг, - деди текшираётган шифокор. - Йигирма минутга қолмай олиб чиқамиз.
Ўзимни худди тобут ичига солингандек ҳис қилдим. Йигирма минут назаримда йигирма соатга тенглашиб кетгандек туюлди. Бир зумда кўнглимни ўлим талвасаси эгаллаб олди. Хаёлан мени тобутда олиб кетишаётгандию, ортимдан болаларимнинг йиғисини эшитгандек бўлдим. Қулоғим шанғиллаб кетди. “Йўқ! Мен ҳали ўлмайман. Болаларим учун бу касални ҳам енгиб ўтишга ҳаракат қиламан. Уларни ўзим катта қиламан!”, деган фикр пайдо бўлди. Худойим ўзинг меҳрибонсан, болаларим учун мени ўзинг асра”, деб илтижо қилдим ичимда.
Аппаратдан чиқариб олишгач, менга маҳтал бўлиб турган жуфтимни кўриб йиғлаб юбордим.
Нима бўлди? Оғрирканми? - соддаларча сўради эрим. Бош силкидим. Аммо хаёлимдан кечган ўйларни у кишига айтолмадим. Машинада эримни кутиб ўтирдим. Таҳлил жавобларини олиб чиқайтган эримнинг юз кўзида шодликни пайқаш қийиш эмасди.
- Жоним, соппа соғ экансан. Ҳеч қандай ўсимта йўқ экан. Озгина шамоллаш бор экан. Бир-иккита дориларни ёзиб беришди, - деганча юз кўзимдан ўпиб қўйди. Елкамдан тоғ қулагандек бўлди. Ўша дақиқалдаги шодлигимни тасвирлаб беролмайман. Мендан ҳам кўра кўпроқ шодланаётган эримдан сўрадим:
- Сиз ҳам қўрқдизми?
- Ҳа, сени йўқотиб қўйишдан қўрқдим! - деди Баҳром акам сўнг бироз аччиқланиб: - Мени беш юз мингга туширдинг хотин, деди.
- Майли, ўн беш йилда бир мен учун беш юз минг кетса кетибдида, - деганча кулиб юбордим.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2