
Қурайш мушриклари Расулуллоҳﷺ ни (тирик ёки ўлик ҳолда) тутиб келтирганга 100 бош туя мукофот ваъда қилган эдилар.
Бир куни эрталаб Қурайш аҳли саросима ва ваҳима ичида қолди. Макка кўчаларида Муҳаммаднинг ﷺ тун қоронғусида шаҳарни тарк этгани ҳақида хабар тарқалди. Қурайш бошлиқлари бунга ишонмай, Бани Ҳошим хонадонларини, Пайғамбаримизнинг саҳобалари яшайдиган уйларни бирма-бир тинтиб чиқишди.
Ниҳоят Абу Бакрнинг уйига келишди. Уларнинг олдига Абу Бакрнинг қизи Асмо чиқди.
Абу Жаҳл ундан: «Эй қиз, отанг қани?» деб сўради.
Асмо: «Ҳозир қаерда эканликларини билмайман», деб жавоб берди.
Шунда Абу Жаҳл қўлини кўтариб, Асмонинг юзига шундай тарсаки туширдики, қулоғидаги зираги ерга тушиб кетди.
Муҳаммаднинг ﷺ Маккадан чиқиб кетгани аниқ бўлгач, Қурайш раҳбарларининг ғазаби тошди. Улар энг моҳир изқуварларни ёллаб, Пайғамбаримиз кетган йўлни аниқлашга киришдилар.
Изқуварлар Савр ғорига етиб келгач: «Аллоҳга қасамки, ҳамроҳингиз мана шу ғордан нарига ўтмаган», дейишди. Улар ҳақ эдилар. Расулуллоҳ ﷺ ва Абу Бакр Сиддиқ ғор ичида эдилар. Қурайш кофирлари эса уларнинг тепасида турарди. Ҳатто Абу Бакр уларнинг оёқларини кўриб, кўзига ёш олди. Расулуллоҳ ﷺ унга меҳр ва таскин билан қарадилар.
Сиддиқ пичирлаб деди: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, ўзим учун йиғлаётганим йўқ, балки Сизга бирор зарар етишидан қўрқяпман».
Расулуллоҳ ﷺ хотиржамлик билан: «Маҳзун бўлма, эй Абу Бакр, Аллоҳ биз билан», дедилар.
Шунда Аллоҳ Абу Бакрرَضِيَ اللهُ عَنْهُнинг қалбига сакина (ором) туширди.
Абу Бакрرَضِيَ اللهُ عَنْهُ кофирларнинг оёқларига қараб:
«Ё Расулуллоҳ, агар улардан бири оёғи остига қараса, бизни кўриб қолади-ку», деди.
Расулуллоҳ ﷺ: «Эй Абу Бакр, учинчиси Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима деб ўйлайсан?» дедилар.
Абу Жаҳл: «Лот ва Уззога қасамки, у бизга жуда яқин ерда, гапларимизни эшитиб, ишларимизни кўриб турибди, лекин сеҳри кўзларимизни боғлаб қўйди», деди.
Шунга қарамай, Қурайш Муҳаммадни ﷺ қидиришдан тўхтамади. Макка ва Мадина оралиғидаги барча қабилаларга: «Ким Муҳаммадни тирик ёки ўлик ҳолда олиб келса, унга 100 бош энг яхши туя берилади», деб эълон қилишди.
Суроқа ибн Молик ал-Мудлижий Макка яқинидаги Қудайд деган жойда ўз қавми билан ўтирган эди. Шу пайт Қурайш чопарлари келиб, катта мукофот ҳақидаги хабарни етказишди. Юзта туя ҳақидаги гапни эшитган Суроқанинг нафси уйғонди, лекин бошқалар шерик бўлмасин деб, сир бой бермади.
Орадан кўп ўтмай, мажлисга бир киши кириб келди ва:
«Ҳозиргина ёнимдан уч киши ўтиб кетди, менимча, улар Муҳаммад, Абу Бакр ва уларнинг йўл бошловчиси эди», деди. Суроқа дарров:
«Йўқ, улар фалончининг ўғиллари, йўқотган туяларини қидириб юришибди», деб уни чалғитди.
Ҳалиги киши: «Эҳтимол шундайдир», деб жим қолди.
Суроқа бошқаларда шубҳа уйғотмаслик учун бир оз ўтирди. Кейин секин даврадан чиқиб, уйига шошилди.
Чорикорига отини ҳеч кимга билдирмай водийнинг пастки қисмига олиб бориб боғлаб қўйишни, хизматкорига эса қурол-аслаҳаларини уй орқасидан олиб чиқишни буюрди. Суроқа совутларини кийиб, қуролланиб, отига минди ва мукофотга эга бўлиш учун Пайғамбаримизниﷺ қувиб кетди.
Суроқа ибн Молик ўз қавмининг машҳур чавандозларидан, бўйи баланд, гавдали, изқуварликда тенгсиз ва йўл азобларига чидамли киши эди. Унинг оти ҳам жуда учқур эди. Суроқа катта тезликда бораркан, тўсатдан оти қоқилиб, ерга йиқилди.
У буни ёмонликка йўйиб: «Бу нимаси? Сенга ўлим бўлсин, эй от!» деб яна йўлида давом этди. Аммо кўп ўтмай оти яна қоқилди. У ортга қайтмоқчи бўлди, лекин юзта туяга бўлган очкўзлик уни тўхтатди.
Ниҳоят, у Муҳаммад ﷺ ва унинг ҳамроҳларини кўрди. Суроқа камонига қўл чизган эди ҳамки, қўллари қотиб қолди. Отининг оёқлари ерга ботиб кетди, туёқлари остидан тутун чиқиб, атрофни қоплади. У отни қанчалик қистамасин, от гўё ерга михлангандек қимирламасди.
Шунда Суроқа Пайғамбаримизﷺ ва ҳамроҳларига қараб ёлборди:
«Эй икковлон, Роббингизга дуо қилинг, отимнинг оёқларини озод қилсин, мен сизларга зарар етказмайман».
Расулуллоҳ ﷺ дуо қилдилар ва от озод бўлди.
Аммо Суроқанинг нафси яна ғолиб келиб, уларга яқинлашмоқчи бўлди.
Бу сафар оти аввалгидан ҳам чуқурроқ ерга ботиб кетди.
Суроқа яна ёлборди: «Мана, менинг озиқ-овқатим ва қуролларим, олинглар! Аллоҳ номи билан ваъда бераман, ортингиздан келаётган одамларни тўхтатиб, сизни ҳимоя қиламан». Пайғамбаримиз ﷺ:
«Сенинг юкингга ҳожатимиз йўқ, фақат одамларни биздан қайтарсанг бўлди», дедилар ва яна дуо қилдилар.
От жойидан қўзғалди. Суроқа ортга қайтар экан: «Тўхтаб туринглар, сизлар билан гаплашиб олай. Аллоҳга қасамки, мендан сизларга ёмонлик етмайди», деди.
Улар: «Биздан нима истайсан?» деб сўрашди.
Суроқа деди: «Эй Муҳаммад, Аллоҳга қасамки, сенинг дининг албатта ғолиб бўлади. Вақти келиб подшоҳ бўлганингда, мени иззат-икром қилишинг ҳақида ваъда бер ва буни менга ёзиб бер».
Расулуллоҳ ﷺ Абу Бакрга буюрдилар, у бир суяк парчасига ваъданома ёзиб Суроқага берди.
Суроқа кетишга чоғланганида, Пайғамбаримиз ﷺ:
«Эй Суроқа, Кисронинг билакузукларини тақсанг, ҳолинг қандай бўларкин?» дедилар.
Суроқа ҳайрат билан: «Форс ҳукмдори Кисро ибн Ҳурмузникими?» деб сўради. Расулуллоҳ ﷺ: «Ҳа, Кисро ибн Ҳурмузники», деб жавоб бердилар.
Суроқа ортга қайтди ва йўлда учраган изқуварларга:
«Ортга қайтинглар, мен бутун ерни тинтиб чиқдим, у ерда ҳеч ким йўқ», деб уларни қайтариб юборди. Пайғамбаримиз ﷺ Мадинага соғ-омон етиб олганларига ишонч ҳосил қилгунча бу сирни яшириб юрди.
Орадан йиллар ўтди. Маккадан қувғин бўлиб чиққан Муҳаммад ﷺ шаҳарга ғолиб бўлиб, минглаб аскарлар билан қайтиб келди.
Бир пайтлар кибр билан тўлиб-тошган Қурайш бошлиқлари қўрқув ичида: «Бизни нима қиласиз?» деб сўрашганда, Пайғамбаримиз ﷺ: «Бораверинглар, сизлар озодсиз», деб марҳамат қилдилар. Шундан сўнг Суроқа ибн Молик ўн йил олдинги ваъданомани олиб, Жиърона деган жойда Расулуллоҳ ﷺ ҳузурларига иймон келтириш учун келди.
У мусулмонлар сафини ёриб ўтиб: «Ё Расулуллоҳ, мен Суроқа ибн Моликман, мана Сизнинг ваъданомангиз!» деди. Пайғамбаримиз ﷺ: «Яқинроқ кел, эй Суроқа! Бугун вафо ва яхшилик кунидир», дедилар. Суроқа ўша ерда исломни қабул қилди.
Расулуллоҳ ﷺ вафот этганларида Суроқа қаттиқ қайғурди.
У ҳамиша Пайғамбаримизнинг: «Кисронинг билакузукларини таққанингда ҳолинг нима кечади?» деган сўзларини эслар ва бунинг амалга ошишига ҳеч шубҳа қилмасди.
Ниҳоят, Умар ибн Хаттоб رَضِيَ اللهُ عَنْهُ даврида мусулмон қўшинлари Форс империясини фатҳ этдилар.
Халифа Умарнинг ҳузурига Мадинага улкан ўлжалар келтирилди. Орасида Кисронинг дурлар билан безатилган тожи, олтин иплар билан тўқилган либослари ва машҳур билакузуклари бор эди.
Умар رَضِيَ اللهُ عَنْهُ бу хазинага қараб: «Буларни олиб келган қавм ҳақиқатан ҳам омонатдор экан», деди.
Али ибн Абу Толиб: «Эй мўминлар амири, сиз иффатли (ҳаромдан узоқ) бўлдингиз, халқингиз ҳам иффатли бўлди. Агар сиз нафсингизга эр берганингизда, улар ҳам шундай қилишарди», деди.
Шундан сўнг Умар رَضِيَ اللهُ عَنْهُ Суроқа ибн Моликни чақириб, унга Кисронинг либосларини кийдирди, тожини бошига қўндириб, билакузукларини тақди. Мусулмонлар:
«Аллоҳу Акбар!» деб такбир айтишди. Умар Суроқага қараб:
«Қойил! Бани Мудлижлик бир аъробийнинг бошида Кисронинг тожи, қўлида эса билакузуклари турибди-я!» деди.
Кейин Халифа қўлини осмонга кўтариб: «Аллоҳим, Сен бу бойликни мендан кўра севимлироқ ва қадрлироқ бўлган Расулингга ва Абу Бакрга бермаган эдинг. Менга эса бердинг. Бу билан мени фитнага солишингдан паноҳ тилайман», деб дуо қилди ва барча ўлжаларни мусулмонларга бўлиб берди.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев