
1950-йилларда Германиянинг «Chemie Grünenthal» компанияси талидомид препаратини ишлаб чиқди. У «мўъжизавий восита» сифатида тақдим этилди: эмишқи, бу дори ҳомиладор аёллардаги эрталабки кўнгил айнишини бартараф этувчи мутлақо безарар уйқу дориси эди. Рекламаларда унинг «худди шакардек хавфсиз» экани бот-бот таъкидланарди.
Бироқ 1961 йилда дунё ларзага келди. Маълум бўлишича, талидомид гўдакларда даҳшатли туғма нуқсонларни келтириб чиқарар экан. Ўн минглаб чақалоқлар қўл-оёқсиз дунёга келди. Препарат шармандаларча тақиқланди ва барча дорихоналардан йиғиб олинди. Унинг номи эса тиббиёт тарихидаги энг катта фожиа рамзига айланди.
«Қуддусдаги воқеа»
Талидомиднинг тақдирига бутунлай нуқта қўйилгандек эди. Аммо 1964 йили Қуддусдаги шифохоналардан бирига мохов (лепра) касаллигига чалинган бемор ётқизилди. У чидаб бўлмас оғриқлардан азобланар, ухлолмас ва ҳатто ўзига ўлим тиларди. Шифокор Яков Шескин дори жавонини титар экан, тасодифан унутилган бир қути талидомидга дуч келди.
Шифокор бу дорининг шум шуҳратидан хабардор эди, бироқ бемор шу қадар қийналардики, Шескин: «Бундан баттар бўлмас», деган қарорга келди. У ҳеч бўлмаса бир кеча ором олсин деб, беморга икки дона таблетка берди.
Ҳайратланарли тонг
Эрталаб шифокор палатага кираркан, беморни ё ухлаб ётган, ёки вафот этган ҳолда кўришни кутганди. Лекин унинг ўрнига каравотда тетик ўтирган одамни кўриб лол қолди. Бир кечада нафақат оғриқлар чекинган, балки ойлаб даво топмаётган танадаги даҳшатли яралар ҳам бита бошлаган эди.
Шескин шок ҳолатига тушди. Маълум бўлишича, талидомид ҳеч ким гумон қилмаган кучли яллиғланишга қарши хусусиятга эга экан.
Моховдан қон саратони сари
Олимлар бу жумбоқни янада чуқурроқ ўргана бошладилар. 1990-йилларда биолог Гвендолин Фолкман шундай тахминни илгари сурди: агар талидомид ҳомиланинг қўл-оёқлари ўсишига тўсқинлик қилган бўлса, демак, у янги қон томирларининг ҳосил бўлишини (ангиогенез) блоклаш хусусиятига эга.
Хўш, бу дунёда ҳаммадан ҳам кўпроқ янги қон томирларига ким эҳтиёж сезади? Албатта, хавфли шишлар — саратон опухоллари. Улар озиқланиш ва ўсиш учун ўзларига бутун бошли «қувурлар» тармоғини барпо этади. Талидомид эса ана шу «қувурларни» қирқиб ташлаб, шишни озуқасиз қолдиради.
Тасодиф якуни
Бугунги кунда талидомид ва унинг замонавий ҳосилалари (масалан, леналидомид) кўп сонли миелома — қон саратонининг оғир турини даволашда «олтин стандарт» ҳисобланади. Бир пайтлар лаънатланган ва мислсиз фожиаларга сабаб бўлган дори эндиликда умидсиз беморларга яна узоқ йиллар яшаш имконини бермоқда.
Тиббиёт «махлуқни» жиловлаб, уни саратонга қарши аниқ зарба берувчи қуролга айлантира олди. Буларнинг барчаси Қуддус шифохонасидаги ўша бир кеча ва ўлим тўшагидаги беморга «тақиқланган» дорини беришга жазм қилган шифокор туфайлидир.
Изоҳ:
Ангиогенез — организмда янги қон томирларининг ривожланиш жараёни.
Кўп сонли миелома — суяк кўмигида ривожланувчи хавфли ўсимта касаллиги.
Интернетдан


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев